"g'iybatning haromligi haqida"
Ғийбатнинг ҳаромлиги ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳикоя. Бир неча киши Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг дарвозаси олдида у кишини кутиб ўтиришарди. Улар у кишига тегишли бир нарса ҳақида гапириб туришган эди, ичкаридан ўзлари чиқиб келди. Улар уялиб, жим бўлиб қолишди. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: «Гапириб турган гапларингизни гапираверинглар», дедилар. Улар индашмади. Шунда у киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида биз буни, яъни кишининг олдида айта олмайдиган гапни унинг йўқлигида гапиришни мунофиқлик деб билар эдик», дедилар. «Иҳёу улумид-дин».

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмоннинг ҳамма нарсаси – моли, обрўси ва қони мусулмонга ҳаромдир. Мусулмон биродарига менсимай қарашнинг ўзи кишининг ёмонлигига кифоя қилади». «Сунани Абу Довуд», 4882-ҳадис; «Сунани Термизий», 1927-ҳадис.

Изоҳ. Бу ҳадисда мусулмон учун қадрли бўлган уч нарса – у мол-мулки, обрўси ва қони (яъни ҳаёти) санаб ўтилган. Лекин булар орасида мусулмон одам учун энг қадрлиси унинг обрўси, шаънидир. Чунки инсон обрўсини сақлаб қолиш учун бор мол-давлатини сарфлашга рози бўлади. Халқ орасида обрўсиз бўлиб яшашдан кўра ўлимни афзал кўради. Ғийбатчи эса мусулмоннинг молу жонидан ҳам қимматлироқ нарсасига – обрўсига тажовуз қилган ҳисобланади. Демак, бу ҳадис бизга мусулмоннинг молини ўғирлаш, тортиб олиш ёки исроф қилиш, ноҳақ қонини тўкиш, кўпчилик олдида юзига маломат қилиб ёки ортидан ғийбат қилиб, унинг шараф ва обрўсига путур етказиш каби ишларнинг улкан гуноҳ эканини англатмоқда. Бу ишларни қилмаган тақдирда ҳам, мусулмон биродарига паст назар билан, беписандлик билан қарашнинг ўзи инсонга ярашмайдиган ёмон иш эканини ҳам таъкидламоқда.
Joyladi: MuSuLmAnKA | Vaqti: 14 Iyul 2019, 23:32 | O`qilgan: 355 | Izohlar (0)