Ochiq kiyingan qizga ochiq xat
Очиқ кийинган қизга очиқ хат

Худо кўнгилда бўлса бўлди, ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ, дейдиган қиз, мени маъзур тутинг, сизга ёқмайдиган мавзуда ёзмоқчиман. Очиқ оёқларим, сонларим ва кўкракларимга эркакларнинг ҳирс билан қараши учун бундай кийинмайман, шунчаки, ўзим хоҳлаган усулда кийингим, гўзал кўрингим келади, одамларнинг менга эътибор қилишларини истайман, қабилида фикрларсиз эҳтимол. Ёки бўлмаса, сенга нима, кийинишим ёқмаётган бўлса қарама, тамом, дерсиз. Нима деб ўйлаш, қандай йўл тутиш сизнинг ихтиёрингиз. Шукурки, Худо қалбимга бир томчи иймонни солиб қўйган, сиз кабилар пайдо бўлиши билан юзимни четга бура оламан ва шу заҳотиёқ кўз зиносидан сақланганимнинг мукофоти — иймон лаззатини туяман. Сиз эса гўёки шарпа, кўланкага айланасиз мен учун. Менга сизнинг тақдирингиз, оқибатингиз қизиқ эмас, қандай кийиниш кераклиги ҳақида маъруза ҳам ўқимайман. Сизнинг ўз ҳаётингиз, ўз қисматингиз бор, мен ҳам сиздан бошқача фикрлаб, буткул ўзга йўлдан кетавераман. Умид қиламанки, бизнинг йўллар ҳеч қачон туташмайди ва сиз билан юзма-юз суҳбатлашиш азобига дуч келмайман.

Фақат бир сабаб билангина ўтган йиллар давомида йиғилиб қолган гапларимни юзага чиқаришга қарор қилмоқдаман. Аёлларнинг очиқ кийиниши эркакларнинг саломатлигига ҳам, маънавий дунёси ва иймон-эътиқодига салбий таъсир кўрсатади. Очиқ аёлларнинг ўзлари ҳам бундан сира фойда кўрмайди. Бир гап билан айтганда, очиқ кийиниш фаҳш, мункар иш, катта гуноҳ. Сиз очиқ кийиниб бир гуноҳ, эркакларнинг кўз зиносига сабаб бўлиб икки гуноҳ қилаяпсиз. Мен (эҳтимол сиз ҳам) эътиқод қилган дин — исломда кимки бирор мункар иш қилинаётган вақтда қўлидан келса ҳам бундан одамларни қайтармаса, ўша жойга, яхшисигаям, ёмонигаям тирик вақтидаёқ бало келади, деб айтилган. Бу сўзларга ишонганим боис қўлимдан келган иш — ёзиш орқали сизни оғир оқибатдан огоҳлантираяпман ва ўзимни эса балодан қутқармоқчиман.

Сиз кабилар фитнасидан мўмин-мусулмон, ибо-ҳаёли йигит-эркакларни Худонинг Ўзи асрасин, ҳар қадамда тотилажак иймон лаззатидан, охиратдаги гўзал оқибатдан бебаҳра қолдирмасин!
Joyladi: Братва | Vaqti: 5 Aprel 2019, 00:05 | O`qilgan: 70 | Izohlar (0)