Nima yaxshi-yu
НИМА ЯХШИ-Ю...
Ҳурмат, эҳтиромга сазовор бир қария бор эди. Унинг гапларини тинглашар, машварати инобатли эди. У одамларнинг эҳтиёжини қондиришда малолланмаслик учун тушлик пайти бироз ухлаб олишни одат қилганди.

Бироқ, кўпинча ухлолмасди. Сабаби, қўшисининг хўрози айнан у бошини ёстиққа қўйиши билан ўртадаги деворга чиқиб қичқиришни бошларди. Қариянинг ғаши келар, хўроздан қутилиш йўлини изларди. Яхшилаб ўйлаб, эртаси куни қўшнисиникига чиқди. Қўшниси уни илиқ қаршилади. Ташрифини шараф билди. Уйга таклиф қилди.
Қария:
- Тушликни сизнинг уйингизда қилмоқчиман. Шартим бор, шу хўрозингизни сўйиб, пишириб берасиз, - деди.
Киши:
- Жоним сизга фидо, албатта сўямиз -да! - деди.

Тушликка хўрозни пишириб келди. Қария интиқомини олаётгандек, хўроз гўштидан лунжини тўлдириб - тўлдириб еди. Мезбонга ташаккур билдириб хурсанд бўлиб уйига қайтди. Фурсат ўтказмай, бироз мизғиб олиш учун тайёрланди. Кўзлари энди илинганида бирданига турли-туман, шовқин – сурон, хўрозларнинг овози эшитилди.

Қария нари-бери ҳолатдан хабардор бўлиш учун ҳовлига чиқди. Қараса, нақд 14 та хўроз девор устида терилиб қичқиришарди. Қария хушидан кетаёзди.
Шошилиб қўшнисиникига чиқиб хўрозлар ҳақида сўради.
- Қўшни, хўрозингизни яқинда сўйган бўлсангиз, қандай қилиб ҳеч қанча вақт ўтмай шунчасини сотиб олдингиз, - деди. Ўзининг ғазабини беркитолмади. Қўшниси кулиб:
- Ишонинг, мен уларни сотиб олмадим. Улар менда олдин ҳам бор эди. Лекин, биз еган хўроз уларни чурқ этишга қўймасди, - деди.

ХУЛОСА
• «Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз.» (Бақара сураси, 216-оят).
• Баъзан азиятларни амалий кетказишдан кўра вақтнинг ўтиши биз учун хайрли бўлиши мумкин
Joyladi: ELYOR IBROHIMOV | Vaqti: 11 Yanvar 2019, 07:44 | O`qilgan: 210 | Izohlar (1)