Zukkolik
ЗУККОЛИК
Искандар Зулқарнайн дунёни забт этмоқ қасдида жанг сафарига чиқиб, неча юртларни эгаллаб, Чин мамлакатига етди. Жанг олдидан чодир тикиб ўтирган экан, Чин подшоси элчи юборганини билдиришди. Элчи кириб гапини ёлғиз Искандарга айтажагини маълум қилди. Унинг истаги вожиб бўлиб, ҳоли қолишгач, деди:
-Мен элчи эмас, Чин мамлакатининг подшосиман. Беҳуда қон тўкмай изингизга қайтмоғингиз учун нима қилмоғимиз мумкин?
-Уч йиллик хирожни тўласанглар мақсадга мувофиқ бўлади, - деди Искандар Зулқарнайн. Сўнг сўради:
- Чоғинглар келадими бунга?
-Уч йиллик ҳирожни тўлай оламиз, - деди Чин подшоси, - аммо шу даражада қашшоқлашамизки, кичкина қабила ҳам бизларни забт этиб, эгалик қилмоғи мумкин.
-Икки йиллигини тўласаларинг-чи?
-Аҳвол ўзгармайди.
-Бир йиллик-чи?
-Хазинамда ҳеч вақо қолмаслиги мумкин, аммо чидаб яшаса бўлар.
-У ҳолда ярим йиллик ҳирожни тўплаб бер-да, мен изимга қайтай.
-Марҳаматли султонимизга жонимиз фидо бўлсин. Эрта ёки индин биз-фақирлар кулбасини ташрифингиз билан обод қилсангиз. Меҳмондорчилик адоғида биз ҳирожни ҳам жамлаб қўяжакмиз.

Искандар Зулқарнайнга бу таклиф маъқул келиб, икки кундан сўнг Чин мамлакати сарҳадидан ўтди. Шу ондан бошлаб атрофда минг-минглаб аскарлар пайдо бўлиб, атрофни ўрай бошлади. Бундан хавотирга тушган Искандар дедики:
-Сен ҳийла билан мени олмоқчи бўлдингми?
-Йўқ,-деди Чин подшоси, - ҳийла - ожизлар иши. Сиз кўриб турган лашкарлар қўшиннинг бир улуши халос. Асосий кучлар тоғ ортида турибди.
-Шунча қудратинг бор экан, нечун менга таслим бўляпсан, нечун ҳирож тўламоққа розилик беряпсан?-деб ҳайратланибди Искандар.
-Мен инсонлар қонининг беҳуда тўкилмоғини истамадим. Ундан ташқари назаркарда султонларни ҳеч қандай куч билан енгиб бўлмас.

Бу жавоб Искандарга маъқул келиб, саройга кирди-ю, товоқлар, лаганларда товланиб турган тилла-ю, жавҳарларни кўриб янада ажабланди. Чин подшоси «дастурхонга марҳамат, тановул қилинг», дегач, таажжубини яширмай сўради:
-Бу безаклар одам учун таом бўлолмайди-ку?
-У ҳолда сиз нима ейсиз, улуғ султон?
-Мен ҳамма каби нон ейман.
-Шундайми? Воажаб! Румда нон топишингиз шунчалар мушкулмиди? Шунча машаққатлар чекиб бу ерга қадар лашкар тортиб келибсиз?

Бу гапни эшитиб, Искандар унинг донолигига таҳсин ўқибди. «Мен бу ердан бир дона жавҳар ҳам олмайман, сенинг ҳикматли пандинг барча талабларимни қондирди», деб орқасига қайтган экан.
Joyladi: ELYOR IBROHIMOV | Vaqti: 11 Yanvar 2019, 07:44 | O`qilgan: 63 | Izohlar (1)