Toshbaqa va chayon
ТОШБАҚА ВА ЧАЁН
"Чаённи ҳарамда бўлсангиз ҳам, эҳромда бўлсангиз ҳам, албатта, ўлдиринг".
​​Чаён тошбақадан уни дарёнинг нариги томонига ўтказиб қўйишини илтимос қилибди. Тошбақа чаённинг разил табиати ва ифлос нафси нималарга қодир эканини яхши билганидан унга рад жавобини берибди.

- Менга ишонмайсанми? Ахир сенга ёмонлик қилсам, ўзим ҳам ҳалок бўламан-ку! Ёрдам бергин, дарёнинг бу қирғоғида қолиб кетмай, - ёлворибди чаён.

Тошбақа рози бўлибди. Чаённи ортига миндириб, дарёнинг нариги соҳили томон йўл олибди. Сувнинг ўртасига - энг чуқур ва хатарли қисмига етиб келганларида чаён бузуқ нафси буюрганини қилиб тошбақанинг бошига заҳарли найзасини санчибди. Заҳардан карахт бўлган тошбақа:

- Нега бундай қилдинг, эй, нодон, ахир энди ўзинг ҳам ўлишинг муқаррар-ку?! - деганида, чаён жавоб қилган экан:

- Тўғри, сен чўксанг, мен ҳам қурбон бўламан. Бироқ нима қилай, менинг табиатим шу-да. Ахир мен бундан бошқасини билмасам...

Шундай қилиб иккаласи ҳам чўкиб, ҳалок бўлибди.

Қиссанинг бошқа ривоятларида чаённинг найзаси тошбақанинг тошига теккач, унинг бузуқ ниятини фаҳмлаган тошбақа сувга бир шўнғиб, уни ҳалок қилган ва ўзи омон қолган экан. Бироқ ҳеч бир ривоятда иккаласининг нариги соҳилга омон етиб борганлари айтилмаган. Шунинг учун ҳам динимиз чаённи ҳарамда бўлсангиз ҳам, эҳромда бўлсангиз ҳам, албатта, ўлдиришга буюради.

Муҳтарам биродарим, Сиз ҳам "менга ҳужум қилса, ўзи ҳам ҳалок бўлади-ку" деган соғлом ақлга суяниб, тошбақадек алданманг. Чаёнлар соғлом ақл эмас, бузуқ нафс билан қарор қабул қиладилар. Уларни дўст тутган ҳаргиз нажот топмайди. Сиз солиҳ кишилар билан дўст-ҳамроҳ бўлинг. Зеро, солиҳ дўст яхши кунда қувончингиз, ёмон кунда суянчингиздир!
Joyladi: ELYOR IBROHIMOV | Vaqti: 11 Yanvar 2019, 07:44 | O`qilgan: 126 | Izohlar (0)