Ilm va amal
ИЛМ ВА АМАЛ
Хожа Абу Ҳафс Кабир (роҳматуллоҳи алайҳ) илмда комиллик даражасига етди. Устози ул зотга ижозат бериб: “Бухорога бориб одамларга панду насиҳат қилинг, тўғри йўл кўрсатинг”, деди. Хожа Абу Ҳафс уйга келиб, бу ҳақда жуфти ҳалолига маслаҳат солди. Заифалари айтдики: “Хожам, шу кунга қадар бирор нарсани эгасидан рухсатсиз еганмисиз?”. Хожа айтди: “Норасидалик вақтимда бир куни оташпарастлар
нинг кўчасидан борар эдим. Бир гандано (пиёзга ўхшаш кўкат) баргини олиб едим. Сенинг саволинг сабаб шу гуноҳим ёдимга тушди”. Хотини: “Эй Хожа, токи ўша кишининг ҳақи сизда бор экан, сўзингиз халойиққа таъсир қилмас”, деди.

Хожа оташпарастнинг кўчасига югурди. Гандано эгасини топиб, унга ялинди, рози бўлгин, деб илтимос қилди. У рози бўлмади. Хожа айтди: “Ўша гандано барги учун бир танга берайин”. У қабул қилмади. Охири Хожа: “Юз танга берайин”, деди.

Шунда оташпараст: “Эй Хожа, бу гапни сенга ким айтди?” деб сўради. Хожа: “Аёлим айтганди”, деди. Ҳалиги киши: “Мен ҳам бугун хотиним билан машварат қилиб, эртага жавобини айтаман”, деди. Тарсо уйига бориб, хотинига воқеани баён қилди. Хотини: “Бир барг учун сендек кишига бундай тавалло қилса, унинг дини барҳақ экан. У Хожа яна келса, унинг динига кирайлик”, деди. Тарсонинг ҳам кўнгли мойил бўлди. Эртаси куни Хожа борганида, икковлари Хожанинг олдида имон келтирди. Уларни кўриб хеш-ақраболарининг ҳаммаси мусулмон бўлдилар.

Қиссадан ҳисса шуки, дин йўлида илм ўрганиб, Ҳақ йўлида хизмат қилмоқчи бўлган киши аввало олган илмига ўзи амал қилса, унинг сўзи таъсирли, амали баракотли бўлади.
Joyladi: ELYOR IBROHIMOV | Vaqti: 11 Yanvar 2019, 07:44 | O`qilgan: 306 | Izohlar (0)