Dangasalik
Дангасаликнинг келиб чиқиши ва унга қарши кураш

Афсусларки, дангасалик касалига учраганлар ёшлар ва катталар ўртасида истаганча топилади. Бунинг асаосан ёшларда пайбо бўлишига сабаб, нафақат меъёридан ортиқ еб-ичмоқ, балки фарзандалрнинг аҳлоқий жиҳатдан гўзал тарбияли бўлишларига ота-оналарнинг рисоладагидек ҳаракат қилмаганликларидандир. Фарзандни ёшликданоқ ҳалол мехнат қилиб нон топишга ва бу йўлда учрайдиган машаққатларга сабру-бардош эта олишга ўргатмоқ лозимдир. Меҳнаткаш кишиларнинг фазилатлари, фидойи ва жонкуяр инсонларнинг олий ҳимматларини ибрат қилиб кўрсатмоқ фойдадан ҳоли эмас, албатта. Бошга берилган ақли, билакка берилган кучи ва вужудидаги мавжуд соғлиги, бу ҳар бир кишининг жисмонан ва ақлан меҳнат қилиб, камолотга эришиши учун Яратган томонида берилган бир омонат эканини уқтирмоқ жуда ҳам зарурдир. Бу борада муқаддас динимиз кўрсатмаларини ўргатиб, бободеҳқон ва турли ҳунарларнинг моҳир эгалари бўлган аждодларимиз ҳаётларини ва тарихларини ўқитмоқ мухимдир. Инсоннинг яшашдан мақсади фақат қорин ғами эмаслигини ёшларимизнинг табиатига мос равишда нозик йўллар билан тушунтирмоқ лозим бўлади.
Чунки қорин шаҳватига берилиш осон йўллар билан пул топишга ундайди. Бу эса кишини тубанликка тортиб, ақл неъматининг сусайишига олиб боради. Бундай паст ақл ўз соҳибини ҳалол меҳнатлари эвазига яхши умр кечираётган кишилар каби ҳаётдан фойда олиб яшашдан мутлақ тўсади. Орият, ҳиммат ва мурувватни ўта заиф холга олиб келиб, тамоман беғам, сурбет инсонга айлантиради.
Агар инсоннинг болалигидан тарбияси мустаҳкам ва таъминоти покиза бўлса, унга асло ялқовлик яқин йўламайди. Бажараётган жисмоний ва ақлий меҳнатларининг самараси бўлиб, соғлиги яхши ва ақл-идроки равон бўлади. Шунда у енгил-елпи, ҳалол меҳнатсиз хаёт кечирадиган танбал кимсалардан батамом узоқд бўлади. Чиройли намуна олгулик қаноати ва гўзал иффати билан барча инсонлар орасида ҳурматга сазовор бўлади. Турли ёмонликларга бошловчи нафсини эзгуликка бошқаришга молик бўлади. Шайтоний шаҳватлар йўлига юришдан қайтувчи ва бошқаларни қайтарувчи бўлади. Бундай кишининг ақл нури равшанлашиб, фаҳму-фаросати, идрок этиш қуввати ва зеҳни бағот мусаффо бўлади. Касби ёки ҳунарида барака бўлиб, ишлаш қобилияти юқори ва ҳаракаилари эпчил ва чаққон бўлади. Шу билан биргаликда, асосийси, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадисларида айтганларидек “қориннинг катта бўлишидан” омонда бўлади.
Бу билан албатта, дангасалар фақатгина қориндорлардан иборат бўлади демоқчимасмиз. Ялқовларнинг заиф бадан, сассиз овозлилари ҳам талайгина. Инсонлар орасида ўзи қориндор-у аммо, дангаса эмас, балки жуда ҳаракатчан кишилар ҳам топилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) буларни алоҳида-алоҳида баён қилдилар. Яъни, “катта қорин”, “доимий уйқу” ва “дангасалик” каби иллатларнинг, ҳар бирининг умматлари учун ўзига яраша хавфи борлигидан огоҳ этмоқдалар.
Умар ибн Ҳаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг қуйидаги сўзларига эътибор берамиз: “Сизлар қорин қўйишдан сақланинглар. Чунки у тирикликда оғир юкдир ва вафотэтганда эса бадбўйликдир”.
Кишиларнинг турмушларига бир назар солсангиз, улар орасидаги қориндор ҳисобланувчи (бу ўринда меъёридан ортиғи назарда тутиляпти) кўпгина кишиларнинг яшаши танг, мудом табиб ва давога мухтож ҳолда кўрасиз. Чунки оддий касалликлар ҳам уларга ғолиб келади. Бундан ташқари, бундайлардан бошқа инсонлар барча жабҳаларда ғолиб келадилар. Бу ҳолат эса уларинг соҳлиқлари жойида эмаслиги ва бунинг орқасидан кўринишлари ҳайбатли бўлса-да, ўта қувватсиз эканликларидан далолат беради. Айни борада ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бундай деганлар: “Кимнинг ғами (ҳиммати) қорин бўлса, унинг ўрни ундан кетмайди (кунни шу ўй-фикрда кеч қилади)”.

“Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи вассаллам)нинг муборак васиятлари”`
Усмонхон Алимов
Joyladi: Братва | Vaqti: 7 Dekabr 2017, 19:11 | O`qilgan: 56 | Izohlar (0)