Zohiriy tavoze va qalb kibri
ЗОҲИРИЙ ТАВОЗЕЪ ВА ҚАЛБ КИБРИ

Камтарлик одамнинг ташқи кўриниши билан ўлчанмайди. Чунки қалбида кибр бўлатуриб ўзини юввош кўрсатадиган, мутавозеълар либосини эгнига ташлаб оладиганлар ҳам йўқ эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиройли либос кийишни кибр демаганлар, балки кибр қалбда бўлишини, ҳақни инкор этиш, одамларни таҳқирлаш такаббурлик саналишини айтганлар . Масалан, бир одамнинг бурни осмонда, ўзини зўр деб билади, тўғри гапни ёқтирмайди, ҳаммани масхара қилиб юради, ҳеч кимни менсимайди. Мана шунақа одам – гарчи кийган кийими жуда чиройли, қимматбаҳо бўлмаса ҳам – мутакаббирдир. Чунки унинг дилида кибр илдиз отган. Бундай кимса ўзини ислоҳ қилиб, қалбидан манманликни чиқариб ташламагунича ўнгланмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг ҳабиби, пайғамбарлар саййиди, энг шарафли зот бўлишларига қарамай жуда камтар эдилар. Макка фатҳ қилинган куни бир одам у зотга гапирмоқчи бўлди, лекин салобатларидан ҳайиқиб дағ-дағ қалтирай бошлади. Шунда Ҳабибимиз алайҳиссалом: “Қўрқма! Мен подшоҳ эмасман. Балки қуёшда қуритилган гўшт ейдиган (оддий) аёлнинг ўғлиман”, деб марҳамат қилдилар . Бир сафар у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Насронийлар Исо ибн Марямни мақтаганидек мени (бўрттириб) мақтаманглар. Зеро, мен бир бандаман. “Аллоҳнинг бандаси ва Расули”, денглар”, деб саҳобаларга таълим берганлар .
Айтмоқчи бўлганимиз, хушуъ ҳам камтарлик билан эгизак. Бири иккинчисини тақозо этади. Камтар инсон Аллоҳга хушуъ қилади. Агар қалбда кибр, ғурур, манманлик иллатлари бўлса, хушуъ қилиш қийин. Бундан чиқди, намозда хушуъ топиш учун қалбни маънавий иллатлардан тозалаш зарур.

“Намозда хушуъ” китобидан
Joyladi: Братва | Vaqti: 7 Dekabr 2017, 19:11 | O`qilgan: 45 | Izohlar (0)