Qovushishning o'n hikmati
ҚОВУШИШНИНГ 10 ҲИКМАТИ

Олимлар тадқиқотига кўра, эркаклар узоқ умр кўриши жинсий ҳаётдан оладиган лаззатланиш миқдори билан узвий боғлиқ экан... Мутахассислар бунинг сабабини инзол пайтида қонга лаззат гармонлари – эндорфинлар кўп миқдорда тушиши билан боғлашади. Бошқа жисмоний фаол ҳаракатлар каби меъёрий жинсий муносабат ҳам зиқликни бартараф этади, асаб тизимига, бошқа аъзолар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Бу ўринда эркак кишининг ўз хасми ҳалоли – рафиқаси билан бўладиган муносабати назарда тутилмоқда. Зино, фаҳш ишлар эса, аксинча, эрлик кушандаси экани кундай равшан.
Агар эр-хотин ўртасидаги жинсий муносабат икковларини ҳам тўлақонли қаноатлантирадиган даражада бир маромда, режали тарзда, муттасил амалга оширилса, унинг қуйидаги шифобахш хусусиятларидан баҳраманд бўлиш мумкин:
Биринчидан, жинсий муносабат фаол жисмоний ҳаракат бўлгани учун киши бир марталик интим яқинлик давомида спортчининг ярим соат шуғулланганига тенг миқдорда энергия йўқотади. Бу, танадаги ортиқча юкни бартараф этади, аср вабоси бўлмиш семизлик олдини олади.
Иккинчидан, яқинлик пайтида тананинг фаол ҳаракати сон, думба, бел, тос мушаклари фаолиятини кескин кучайтириб, ундаги қон айлинишига, модда алмашинувига ижобий таъсир этади.
Учинчидан, жинсий яқинлик учун зарур биофаол модда – тестостерон моддаси ишлаб чиқарилиши кучайиши сабаб суяк-мушак тизими мустаҳкамланади.
Тўртинчидан, бошқа жисмоний фаоллик талаб этувчи спорт турлари каби жинсий муносабат ҳам қондаги иммуноглобулин моддаси миқдори кўпайишига сабаб бўлади. Шунинг учун бу тоифа кишиларда турли яллиғланиш касалликлари камроқ учрайди.
Бешинчидан, мунтазам жинсий муносабатда бўлиш ички жинсий аъзолар – простата бези, уруғ пуфакчалари, моякларда димланиш ҳолати рўй бермаслигини таъминлайди. Натижада орхит, простатит, эпидидимит, везикулит каби нохуш хасталиклар олди олинади, жинсий заифликка йўл очилмайди.
Олтинчидан, тўлақонли жинсий муносабат пешоб қопчаси жом мушаклари мустаҳкамлигини таъминлайди. Бу эса қовуқ бўшлиги олдини олади.
Еттинчидан, маромида олиб борилган жинсий муносабат (агар ўта зўриқишга йўл қўйилмаса,) юрак-қон томир тизимига сезиларли ижобий таъсир кўрсатади.
Саккизинчидан, бошқа жисмоний ҳаракатлар каби жинсий алоқа ҳам танадаги қувватни йўқотади. Натижада иштаҳа кучаяди, ҳазм жараёни меъёрлашади.
Тўққизинчидан, мунтазам тарзда, режали жинсий ҳаёт кечирувчиларда барвақт қартайиш – климакс ҳолати енгил ўтади.
Ўнинчидан, меъёрий жинсий муносабатда яшовчи эр-хотинларда ўсма (саратон) касалликлари кам учраши илмий манбаларда қайд этилган.
Юқоридагиларни келтиришдан мақсад жинсий муносабатга ўч бўлишни тарғиб этиш эмас. Чунки ҳар бир инсонга Аллоҳ таоло томонидан ўзига хос меъёр, имкон, ғариза (табиат, хусусият) ато этилган. Ана шу эҳтиёжни ҳалол-покиза йўллар билан қондирган инсонларгина соғлом бўладилар, бахтли ҳаёт соҳибига айланадилар. Зеро, жинсий ҳаётнинг покиза тарзда, тартибли олиб борилиши инсоннинг ҳар жиҳатдан саодатга эришишида, тиббий, руҳий жиҳатдан саломатлигида муҳим аҳамиятга эга .

"Бахтли ҳаёт сари" китобидан
Joyladi: Братва | Vaqti: 7 Dekabr 2017, 19:11 | O`qilgan: 63 | Izohlar (0)