Xassa
​ХАССА
#ибратли

Ўғлим, ишдамисан?
– Ҳа, дада, тинчликми?
– Ўзим, ёнингга бормоқчиман…
Ўғилнинг пешанаси тиришиб кетди. Бугун текширувга катта одамлар келиши керак. Уларнинг ёнида қалтираб, ҳассасига суяниб кириб келаётган дадасини кўз олдига келтирди. Телефонни қулоғига босганча шоша-пиша ташқарига чиқди.

– Дада, мен ишдамасман, ҳозир анча узоқдаман, иш билан кетгандим, нега эди ўзи?

– Ҳа, майли, унда болам, ишингдан қўймай, ўзингни эҳтиёт қил, болаларингга салом айт. Бугун келасанми?

– Оббо дада, яқинда бордим-ку! Майли, мени чақиришяпти.
Ўғил аслида ҳеч ким чақирмаган бўлса-да, "ҳозир” дедию тугмачани босди. "Мени бекорчи деб ўйлашади, шекилли…”

Чол гўшакдан эшитилаётган қисқа товушларга бир муддат қулоқ тутиб турдию хўрсинганча босиб қўйди. Айтолмади. Нима ҳам десин? Ўғли катта жойда ишлайди, югур-югури кўп, ёдидан чиққандир-да. Ҳа, майли… Рости озроқ пул сўрамоқчи эди. Керак эди-да бугун. Керак вақтда топилмайди ўзи.
Чол қалтироқ қўллари билан дафтарчани титкилаб, кенжасининг рақамларини терди.

– Ҳа, дада, тинчмисиз? Шу сизга телефон олиб берган кундан буён тинч ўтирмайдиган бўлдингиз-да...
Ҳол-аҳвол сўрашни ҳам насия қилган кенжасидан бироз дили ранжиган бўлса-да, сездирмади. "Бола-да…”

– Менга… Ҳалиги, озгина пул…
– Дада-ей, уйда ўтирган одамга нимага пул керак? Ҳар ой рўзғорни бутлаб қўйсак. Кеча акам ҳам қарз сўраганди. Бойнинг боласи бўлсам экан… Иннайкейин пенсияни шиқирлатиб олаётган бўлсангиз, нима қиласиз яна пулни?

Ўғил дадаси билан тезгина хайрлашдию гўшакни қўйиб қўйди. "Телефонларига пул ташлаб берган мен аҳмоқ, сал нарсага безовта қилаверадилар… Нима, мен буларга пул заводимидим?”

Чолнинг чап кўксида нимадир ғижимланаётгандек бўлди. Пенсия… Икки кун олдин хотини келиб, "Набирангизнинг контрактини тўламасак, ўқишдан ҳайдаб юборади”, деб пенсияга қўшиб ўлимлик пулларини ҳам олиб кетганидан хабари йўқмикин? Балки унутгандир. Пул-ку майли, лекин бугунги кунни қандай унутган бўлиши мумкин?

Чол дафтарчанинг сарғайиб кетган варақларидаги қизининг рақамларига бироз термилиб турди-да, секингина нари сурди. "Тушган жойида тиниб-тинчиб ўтирса бўлгани…”

Чол дарвозадан ташқарига чиқди-ю, қаерга боришини билмай жовдиради. Умрида бировдан қарз олмаган бўлса. Бунинг устига Фалончиевнинг дадаси қўшнидан қарз сўраб чиқибди деган гап ўғлининг шаънига тўғри келмайди. Катта жойда ишлайди ахир…

Чол узоқ муддат кўча тентиради. Бозорнинг ёнидан ўтаётиб чўнтагига қўл солди. Бели букилавериб адо бўлган беш юз сўмлик пулни ушлаб-ушлаб қўйди. Нимага ҳам етарди бу?.. Кўнгли тўлиб кетди.

Сал наридаги эски-тускилар сотиладиган растага кўзи тушди. Эгасига хизматини адо этиб бўлгач, кераксизга айланган, энди янги эгаларини мунғайганча кутиб турган буюмларга, ўзи ҳам анча "эскириб” қолган қари сотувчига кўз ташлаб, ҳассасини дўқиллатганча ўша томонга йўл олди.

Чол ялтироқ қоғозга ўралган нарсани бағрига босганча тошбақа юриш қилиб келар, ўқтин-ўқтин ўрамнинг бир четидан кўриниб турган ерига қараб кулиб қўярди. "Яхши бўлди, кўнглимдагисидан олдим…”
– Қаерларда юрибсиз? Одамни хавотирдан ўлдирдингиз-ку? Саҳарлаб қаёққа чиқиб кетгандингиз?
Дарвоза олдидаги ўриндиққа ўтириб олиб йўл қараётган момонинг хиралашган кўзлари чолини аранг таниб, ўрнидан қийналиб қўзғалди.
– Ишим бор эди-да, кампир! – деворга суяна-суяна бир амаллаб етиб келган чол кампирининг ёнига чўкиб, нафас ростлади.
– Вой ўлай, ҳассангиз қани?
– Сен борсан-ку, ҳассани нима қиламан? – чол жилмайиб, қўйнидаги қоғозга ўроғлиқ нарсани кампирига узатди.
– Нима бу буваси?
– Туғилган кунинг билан аяси! Бахтимизга соғ бўлгин илойим…
Кампир ёшланиб кетган кўзлари билан бир эллик йиллик жон йўлдошига, бир қўлларида товланиб турган яп-янги рўмолга қараганча ҳаяжонланар, ингичка, серажин лаблари титраганча "Вой, вой, ўзим ўргилай-а”, деб қўярди.
Ўғиллари, қизлари, ҳаттоки кампирининг ўзи ҳам унутиши мумкин бўлган бу кунни унутмаганди чол, ҳеч унутмасди…
Joyladi: Братва | Vaqti: 16 Noyabr 2017, 09:44 | O`qilgan: 91 | Izohlar (0)