Gunohlarga kafforot bo'luvchi amallar
ГУНОҲЛАРГА КАФФОРАТ БЎЛУВЧИ АМАЛЛАР

Аллоҳ таоло шундай амр қилган:
“-------------------------Арабча матн---------------------------”
“Кундузнинг ҳар икки тарафида, кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо этинг! Албатта яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказади. Бу, эслатма олувчилар учун бир эслатмадир” (Ҳуд сураси, 114-оят).
Оятда айтилишича, солиҳ амал қилган банда қалби покланади, гуноҳлари кечирилади. Зеро, ёмонлик изини фақат яхшилик билан ўчириш мумкин. Масалан, кир либосни тоза сув билан ювилади. Худди шунга ўхшаб гуноҳлар доғи, маъсият қуруми эзгу ишлар билан кетказилади.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: اتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعْ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳдан қўрқ, гуноҳ кетидан тезда яхшилик қилсанг, уни ўчириб юборади, одамларга чиройли хулқ билан муомала қил”, деб тайинладилар” (Термизий, Доримий, Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан).
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар исмли саҳобага шундай насиҳат қилдилар:
– Эй, Абу Зар! Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил, У Зот буюрган ишларни сидқидилдан бажар, қайтарганларидан қайт! Аллоҳ сени кўриб турибди. Шунинг учун Аллоҳ розилиги йўлида ҳаракат қил, Унинг азобидан ҳазир бўл! Агар гуноҳга қўл урсанг, кетидан дарров яхши иш қил – намоз ўқи, садақа бер, истиғфор айт. Зеро, солиҳ амалинг гуноҳингни ювиб юборади. Одамлар билан чиройли муомалада бўл, кибр қилма, уларнинг азиятига сабр қил. Шунда икки дунё саодатига эришасан .

وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا تَوَضَّأَ الْعَبْدُ الْمُسْلِمُ أَوْ الْمُؤْمِنُ فَغَسَلَ وَجْهَهُ خَرَجَ مِنْ وَجْهِهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ نَظَرَ إِلَيْهَا بِعَيْنَيْهِ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ فَإِذَا غَسَلَ يَدَيْهِ خَرَجَ مِنْ يَدَيْهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ كَانَ بَطَشَتْهَا يَدَاهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ فَإِذَا غَسَلَ رِجْلَيْهِ خَرَجَتْ كُلُّ خَطِيئَةٍ مَشَتْهَا رِجْلاَهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ حَتَّى يَخْرُجَ نَقِيًّا مِنْ الذُّنُوبِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَمَالِكٌ وَأَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар мусулмон ёки мўмин банда таҳоратда юзини ювса, юзидан икки кўзи қараб қилган барча гуноҳлар сув билан ёки сувнинг охирги томчиси билан чиқиб кетади. Агар қўлини ювса, икки қўли ушлаб содир этган ҳамма гуноҳлар сув билан ёки сувнинг охирги томчиси билан чиқиб кетади. Агар оёғини ювса, оёғи (билан) юриб содир этган жами гуноҳлар сув билан ёки сувнинг охирги қатраси билан чиқиб кетади. Шундай қилиб гуноҳлардан (бутунлай) покланади”- (Муслим, Термизий, Молик, Аҳмад ривоят қилган).
Бу ерда кечирилиши ваъда қилинаётган гуноҳлар кичик гуноҳлардир. Ҳадисларда айтилишича, беш вақт намоз, жума намози, агар катта гуноҳлардан сақланилса, кичик гуноҳларга каффорат бўлади. Улуғ ибодат бўлмиш намоз катта гуноҳларни юва олмаса, қандай қилиб ёлғиз таҳорат кабира гуноҳларга каффорат бўлади?
Маълумки, инсоннинг юзи, қўли, оёғи, боши қолган аъзоларига қараганда кўпроқ кир бўлади. Бу аъзоларни тез-тез поклаб турилмаса, кишидан бадбўй ҳид келиб туради. Бошқа томондан олиб қаралса, инсоннинг айнан шу тўрт аъзоси гуноҳ содир этишда асосий вазифани бажаради. Аллоҳ таоло бандаларига шунчалик меҳрибонки, уларга кунда беш маҳал кичик гуноҳлардан покланиш имконини берган. Чунончи, таҳорат қилаётганимизда ҳар бир аъзоимиздан гуноҳлар тўкилаётганини, улар Аллоҳ тарафидан кечирилаётганини қалбдан ўтказсак, таҳоратга эътиборимиз ортади, қалбимизда ихлос пайдо бўлади. Бу нарса намозда хушу қилишимизга ҳам туртки бўлади .


Истиғфорнинг 40 хосияти" китобидан
Joyladi: Братва | Vaqti: 15 Noyabr 2017, 02:18 | O`qilgan: 32 | Izohlar (0)