Allohning sahovati keng
АЛЛОҲНИНГ РАҲМАТИ КЕНГ

Шайтон бандани тўғри йўлдан уради, гуноҳ ишларга бошлайди, нафсга ёқадиган нарсаларни унга янада чиройли қилиб кўрсатади. Аммо Аллоҳнинг раҳмати кенг. У Зот банданинг ҳар қандай гуноҳини кечириб юборади. Инсон ҳаёт сўқмоқларида қоқилганидан кейин яна қаддини тиклаб олишида бу имкониятнинг ўрни беқиёс. Зеро, кечиримлилик бор ерда келажакка ишонч, олға қадам ташлаш бўлади. Акс ҳолда инсон қалби умидсизликка тўлади, тушкун кайфият уни маҳв этади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“-------------------------Арабча матн---------------------------”
“(Эй Муҳаммад, турли гуноҳ-маъсиятлар билан) ўзларига жавр қилган бандаларимга: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини кечиради. Албатта (Аллоҳ) Мағфиратли, Меҳрибондир”, деб айтинг” (Зумар сураси, 53-оят).
Агар банда гуноҳ ишдан тўхтаб тавбага юзланса, Аллоҳ унинг хатоларини кечиради. У Зотнинг карами кенг, марҳамати улуғ: хоҳлаган бандаси гуноҳларини кечириб, раҳматига дохил қилади. Шунинг учун ҳеч бир банда Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасин.
Ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобалар олдига чиқдилар. Қарасалар, улар бир-бири билан ҳазиллашиб-кулишиб ўтиришган экан. Шунда Пайғамбаримиз:
– Жоним измида бўлган Зотга қасамки, агар мен билган нарсаларни билганингизда, камроқ кулиб, кўпроқ йиғлардингиз! – дедилар. Кейин кетдилар. Бу гапни эшитган саҳобалар кўзига ёш келди. Шу онда Аллоҳ ваҳий орқали: “Эй Муҳаммад, нега бандаларимни ноумид қиласиз?” деб хитоб қилди. Пайғамбар алайҳиссалом ортларига қайтиб келиб:
– Хурсанд бўлинглар, тўғри (йўлда) юринглар (ғулувга кетиб, ҳаддингиздан ошманглар!) – деб марҳамат қилдилар .
Агар банда чин дилдан истиғфор айтса, унга яхшилик эшиклари очилади. Аллоҳнинг раҳматига истиғфор билан эришилади. Гуноҳи учун пушаймон бўлган, маъсиятни тарк этган инсонга раҳмат эшиклари доим очиқ.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: للهُ أَشَدُّ فَرَحًا بِتَوْبَةِ أَحَدِكُمْ مِنْ أَحَدِكُمْ بِضَالَّتِهِ إِذَا وَجَدَهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Биронтангиз йўқотиб қўйган нарсасини топганида қандай севинса, Аллоҳ сизнинг тавбангиздан бундан-да кўпроқ севинади” (Муслим, Термизий ривоят қилган).
Фараз қилинг: мусофир одам кимсасиз чўлда кетаётганди, кутилмаганда уловини ёқотиб қўйди, уни роса қидирди. Ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ. Ҳарчанд уринса ҳам тополмаяпти. Таоми, ичимлиги, керакли ҳамма анжомлари улови билан кетган... Мусофир тушкун кайфиятда бир дарахт соясига келиб дам олди. Соя-салқин жойда кўзи илиниб ухлаб қолди. Бироз мизғиб, кўзини очиб қараса, улови тепасида турибди! Ўша онда йўловчининг севинчи ичига сиғмай кетади. Шундай эмасми?
Агар банда гуноҳдан тавба қилса, Аллоҳ ундан-да кўпроқ хурсанд бўлади. Қаранг, Аллоҳ бизга қанчалик меҳрибон Зот! Биз айбимизни тан олиб, қилмишимизга пушаймон бўлсак, ўзимизни ўнгласак, Парвардигоримиз биздан рози бўлар экан.

"Истиғфорнинг 40 хосияти" китобидан
Joyladi: Братва | Vaqti: 15 Noyabr 2017, 02:18 | O`qilgan: 17 | Izohlar (0)