Osuda xayotga erishish
ОСУДА ҲАЁТГА ЭРИШИШ...

Инсон нафсининг иллатларидан қутилмагунича ҳис оламидаги маъноларни, модданинг ортидаги ақл ва хаёл чегараларини мушоҳада қилолмайди.
Муҳаммад Нуруллоҳ Жазарий

Бахт, ҳузур-ҳаловат ҳақида ҳар кимнинг ўз фикри, қараши бор. Баъзилар кўркам, замонавий жиҳозларга тўла уйда яшаш, яхши кийимлар кийиш, истаган нарсасига етишни ҳаёт лаззати деб ўйлайди. Ҳақиқатан ҳам шундайми?
Биз кўпинча одамлар ва нарса-ҳодисаларнинг зоҳирига - ташқи кўринишига қараб баҳо берамиз. Лекин синчковлик билан назар ташласак, адашганимизни англаймиз. Бир қараганимизда яшашимиз учун керакли ҳамма шароит муҳайёдай туюлади. Шундай бўлса-да, бизга ҳаёт зерикарли кўринади. Бу эса турмушимизда сон-саноқсиз нарсалар бўлгани ҳолда, унда энг муҳим нарса - қаноат ва шукроналик ҳисси бўлмагач эса ҳаёт тарзимиз қандайлигидан қатъи назар, кўнглимиз таскин топмайди. Ҳаловат қўрғонимизни сабрсизлик, ношукрлик безовта қилаверади. Қаноат - бебаҳо неъмат. Унга эга бўлган кишининг қалби ҳамиша осойишта. Баъзилар эса бойлик орттираман деб хотиржамлигини бой беради. Яна шундай инсонлар ҳам борки, кийимларида ортиқча ҳашам йўқ. Дастурхони тўкин-сочин эмас. Уй-жойини ҳам кўз-кўз қилиб мақтай олмайди. Аммо ҳаётдан ҳамиша мамнун бўлиб яшайди. Бир талай муаммолари бўлса ҳам, юраги ғашланмайди. Ойлик маоши баъзан рўзғорига етмаганидан кимдандир қарз олади. Бироқ кечаси тинч ухлайди. Тақдиридан мамнун ҳолда уйғонади. Болаларининг кулгисидан завқ олади. Барчаси учун шукрона айтади. Яхши ниятларига етишиш учун савоб амалларини давом эттиради...
Зеро, ҳаёт лаззати тўкин-сочинликда, ҳамма нарсанг муҳайё бўлишида эмас, борига розилик ва шукр айта билишдадир.
Улуғ ватандошимиз Абу Лайс Самарқандийнинг қуйидаги сўзлари ибратлидир:
"Оқил киши дунёдаги ризқига рози бўлади ва мол тўплашга ружу қўймайди. Охират амаллари билан шуғулланади. Чунки охират қарор топиш ва неъматлар уйидир. Дунё фонийлик уйи, у хиёнаткор, фитнакордир".

"Ғам-қайғусиз яшай десангиз (ўксинма)" китобидан.
Joyladi: Братва | Vaqti: 15 Noyabr 2017, 02:18 | O`qilgan: 8 | Izohlar (0)